ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МУҲОКАМАСИ

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов бугун «Мега текстиль» МЧЖ ҚКга ташриф буюрди ва янги лойиҳалар билан танишди.

Мустақиллик байрами арафасида корхона томонидан туманда умумий қиймати 20,0 млн. доллар бўлган енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган эди. Мазкур корхона Туркия давлатининг «O’rtasya Tekstil Sanayi ve Tijaret» ASH компанияси таъсисчилигида ишга туширилган бўлиб, лойиҳа тўлиқ хорижий инвестиция ва кредит линияси ҳисобига амалга оширилди. 400 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда корхонада йиллик 152,0 млрд. сўм қийматидаги енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва йиллик 10,0 млн.доллар экспорт қуввати яратилган.  Бугунги кунда корхона томонидан умумий қиймати 63,1 млн. доллар бўлган  6 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Булар чойшаб маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кластер усулида пахта етиштириш, пахта, чигит, сутни қайта ишлаш, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтиришдир. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш орқали мавжуд иш ўринлари сони  2440 тага етказилади. Туманнинг экспорт режаси 1,6 баробарга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаси эса 3,1 баробарга ошириб бажарилишига эришилади. Вилоятимиз раҳбари корхона томонидан амалга оширилиши режалаштирлаётган янги лойиҳалар билан танишди. Онлайн тарзда туркиялик инвестор Вели Гунеш билан кечган мулоқот жараёнида келгусидаги самарали ва истиқболли ҳамкорлик, янги лойиҳалар бўйича сўз борди.