«УЙЧИ ТУМАНИ ҲОКИМИ КУБОГИ УЧУН»

12 декабрь куни туман марказидаги «Пахтакор» стадионида туман ҳокими кубоги учун мини футбол бўйича мусобақалар бошланди. 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мусобақанинг очилиш маросими бўлди. Унда тумандаги барча ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлардан тузилган 32 та жамоа саф тортди. Туман ҳокими М.Апақов мусобақанинг тартиби ҳақида тушунча бериб, барча иштирокчиларга омад тилади. Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спортнинг оммавийлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилаётган мусобақанинг ташкилотчилари туман ҳокимлиги, ДХХ туман бўлими, туман прокуратураси, туман ИИБ, туман ДСИ, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси жамоаларидир. Мусобақа ҳафтанинг ҳар шанба кунларида ўтказилмоқда. Якунга кўра, ғолиблар туман ҳокимининг кубоги ҳамда дипломлари билан тақдирланишади. Шунингдек, «Энг яхши дарвозабон», «Энг яхши ҳимоячи», «Энг яхши ҳужумчи», «Энг яхши тўп урар» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Мусобақа Янги йил байрами арафасида якунланади.