ЭЪТИРОФ

Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати йўлида кўрсатган муносиб хизматлари учун бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасининг «Ташаккурномаси» билан тақдирланишди.  Улар сафида туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ҳам бор.

******

Давлат хизматлари агентлиги фаолият бошлаган кунданоқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тез ва сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга, фуқаролар учун зарур шароитлар яратиш устида тиним билмай иш олиб бормоқда. Бу борада туманимизда ҳам намунали иш ташкил қилинди. Туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовнинг саъй-ҳаракатлари Давлат хизматлари агентлиги томонидан эътироф этилиб, миллий ва замонавий архитектура-қурилиш шарт-шароитларини ўзида мужассамлаштирган давлат хизматлари маркази инновацион биносининг барпо этилишида қўшган муносиб ҳиссаси учун Агентликнинг «Ташаккурномаси» ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.

******

«Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» туманимизда ҳам кенг нишонланди. «Мезбон» мажмуасида бўлиб ўтган шодиёнада соҳа фидойиларига эҳтиром кўрсатилди.

Қувончлиси, байрам муносабати билан ҳамюртимиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Барно Мирзамова «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони билан мукофотланди. Бир гуруҳ илғорлар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг кўкрак нишонлари билан тақдирланишди. Жумладан, туманимиздан қуйидагилар бор: «ИЛҒОР ФЕРМЕР» кўкрак нишони билан «Отабой сулоласи Отабек» фермер хўжалиги раҳбари Маъмурахон Турғунова, «Охунбобоев омад» фермер хўжалиги раҳбари Неъматилла Юлдашев, «МЕҲНАТКАШ ДЕҲҚОН» кўкрак нишони билан деҳқон хўжалиги раҳбарларидан Каримжон Шониёзов, Илёсхон Тиллабоев, Зуҳриддин Худойназаров, «НАМУНАЛИ ТОМОРҚАЧИ» кўкрак нишони билан Раънохон Акбарова, Ҳамида Жўраева мукофотланишди. Уларни самимий табриклаймиз.