ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК ФЕСТИВАЛИ

Туман марказидаги «Пахтакор» стадионида ташкил этилган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бу ерга тўпланган юзлаб ёшлар қалбида она-юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотиб, ҳарбийликка бўлган иштиёқни янада оширди. Туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими, туман ХТБ ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбийларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Айниқса, майдон узра ҳарбий оркестр ижросида янграган наволар, фахрий қоровулларнинг саф тортиши, ҳарбийлар, ёш спортчилар, Ўзбекистон Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» кенгаши қошидаги ўқув-спорт техника клуби аъзоларининг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Фестивалда сўзга чиққан туман ҳокими М.Апақов бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мардлик ва жасорат сари ундашини алоҳида таъкидлаб ўтди.