АБУ НАСР ФОРОБИЙ – ШАРҚНИНГ ИККИНЧИ МУАЛЛИМИ

Фан ва маданият оламида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган улуғ мутафаккир, забардаст олим, буюк алломалардан бири, шубҳасиз, Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобийдир (873-950). Дунё фани ва маданияти, уйғониш даврининг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлган Форобий қадимги юнон фани ва маданиятининг инсоният цивилизациясида тутган ўрнини юксак баҳолаб, бутун илмий фаолияти давомида нафақат унга суянди, чексиз ҳайратланди ва илҳомланди, балки кишилик тарихида ўчмас из қолдирган юнон олимларининг, кўпроқ Арастунинг асарларини тарғиб қилди, уларнинг кўпларини араб тилига таржима қилди, шарҳлар ёзди.

Антик дунё олимларининг қолдирган меросларини тўла ўзлаштирмасдан туриб, фан ва маданиятни ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши тушунган Абу Наср Форобий юнон мутафаккирларининг «қули»га айланиб қолмади, балки кўп қиррали олим ва ижодкорларнинг давомчиси, ўз даври шароитида мустақил фикр юритувчи аллома сифатида ўзини намоён қилди.

Абу Наср Форобий «Шарқ Арастуси», «Иккинчи муаллим» номлари билан Ўрта Осиё маданиятининг асосчиларидан бирига айланганлиги бежиз эмас эди, албатта. У ўрта аср фани ва маданиятининг барча муҳим соҳаларини тўла эгаллаган буюк алломадир. Унинг 160 дан ортиқ асар ёзиб қолдирганлиги маълум.

Форобий ўзининг «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Бахт-саодатга эришув ҳақида» ва бошқа асарларида ахлоқ фалсафаси, жумладан, ахлоқий тарбиянинг муҳим муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилади. Мутафаккирнинг ахлоқ ва унинг асосида ёш авлодга тарбия бериш ғоялари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, аксинча, ахлоқий тарбиянинг янги усул ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштиришда жуда катта аҳамият касб этади.

Форобий ахлоқ тушунчасини кенг маънода талқин қилар экан, бутун инсонларни, уларнинг дини, эътиқоди, ирқи, тилидан қатъи назар, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чақиради. Дунёда бир бутун ягона инсон жамоасини шакллантиришни ва барча фуқароларнинг манфаатларини бирдек кўзлаб фаолият кўрсата олишини орзу қилади. Ўз даврида ажойиб орзу-истаклар ва ғояларни илгари сурган Форобийнинг дунёда ягона жамият барпо қилиш тўғрисидаги фикрлари ҳам кейинчалик дунёнинг жуда кўп мутафаккирлари, жумладан, немис файласуфи И.Кант томонидан ҳам илгари сурилган эди. Форобий илгари сурган, шунингдек, дунё олимлари томонидан ҳам мақсадга мувофиқ деб топилган «дунёда ягона фуқаролик жамияти»ни таркиб топтириш ҳақидаги ғоялари устида жиддийроқ бош қотирсак, бу ғоянинг бугунги кунда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги равшан бўлади. Ахир биз, шу кунларда ХХ асрдан ХХI асрга ўтиб, бутун инсониятга мисли кўрилмаган кулфатлар келтираётган: СПИД, терроризм, диний ақидапарастлик ва бошқа бузғунчилик хатти-ҳаракатларига қарши бутун инсониятни ҳамжиҳат бўлиб кураш олиб боришга чақирмоқдамиз-ку!

Форобийнинг фикрича, юксак ахлоқий фазилатларга риоя қилган ҳолда ривожланаётган ҳар қандай давлат ўз фуқароларини шак-шубҳасиз бахт-саодат йўлига олиб чиқувчи кучли қуролдир. Инсон билим ва намунали ахлоқ эгаси бўлгандагина яхши одат ва ҳаракатларни ўзида мужассамлаштира олади, у ҳар қандай ёвуз бузғунчиликлар кўчасига кирмайди, аксинча, уларга нисбатан шафқатсиз жанг олиб боради.

Дарҳақиқат, Форобий ўз дунёқараши билан замонасидан анча илгарилаб кетган етук олим, илм ва маърифат курашчиси, табиат ва жамият ривожланиши қонуниятларини очиб беришга астойдил интилган буюк шахсдир.

Ҳабибулла МАТКАРИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари.