ИБРАТ – МИЛЛАТ ФАХРИ

XIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Исҳоқхон Ибрат домла араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Ўнлаб тилшуносликка оид илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги «усули савтия» мактабини ташкил этиб, ўнлаб қишлоқ болаларини ўқитган.

Миллий уйғониш даврининг етук вакили шоир ва носир, олим ва ношир, маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг асарларини мутолаа қилар экансиз, шоирнинг қалб қўри, тажрибаси, маҳорати, таланти ва заҳматлари-ла яралган айрим шеърлар, шеърий парчалар, байту мисралар ўзининг мазмун-моҳияти билан ҳикматга айланади. Исҳоқхон Ибратнинг шеърий ҳикматлари ҳаётийлиги ва амалий исботга эгалиги билан диққатга молик.

Исҳоқхон Ибрат ҳамиша инсонларни маънавият ва маърифатга, маданиятга чорлайди. Маънавият ва маданият юртга осойишталик, фаровонлик, инсонга хулқий ҳусн оросини беришини, маданият юксалган шаҳарда, қишлоғу маҳаллада ҳаёт кечирадиган инсон гўё ўзини жаннатдагидек ҳис этишини башорат этади:

Маданият жаҳонда осойиш,

Хулқ ҳусни анга оройиш.

Маданиятнинг шаҳрида турмиш,

Киши гўёки жаннат ичра эмиш.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ватан тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти ибрат намунаси бўлиб хизмат қилаётган маърифатпарвар олим, шарқ ва ғарб тилларининг билимдони, миллат фахри  Исҳоқхон Ибратнинг номини абадийлаштириш, унинг издошларини кашф этиш ва истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларимиз учун Ибратнинг ҳаёти ёрқин бир намуна бўлиши мақсадида шундай маърифатпарвар аллома номи билан аталувчи Исҳоқхон Ибрат  хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.

Шоҳиста ҚАМБАРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрақўрғон тумани бўлинмаси раҳбари.