ИҚТИСОДИЁТНИНГ ЕТТИ РАНГИ

Гарвард университети тадқиқотларига кўра, мамлакатимиз 50 дан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда барча имкониятлар ва нисбий устунликларга эга. Айниқса, нефтгазкимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда «яшил иқтисодиёт» билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимиз «драйверлари»га айланиши учун барча етарли шароитлар мавжуд.

Бу тармоқларда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кооперацияни ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилиши лозим.»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан тилга олинган «яшил иқтисодиёт» атамасига эътиборингизни қаратишни лозим топдик. «Яшил иқтисодиёт» атамаси 1992 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Ер саммитида кечиктириб бўлмас вазифа сифатида тилга олинган. Яшил иқтисодиёт – табиат ва инсоният ўртасидаги уйғунликни бузмаган ҳолда ишлаб чиқаришни ривожлантириш. Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши бўйича Париж битимига қўшилиши муносабати билан иссиқхона газларини қисқартириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш билан боғлиқ бўлган мажбуриятини зиммасига олди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мамлакатлар иқтисодий даромадлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишда йиллик ҳақиқий ўсиш суръатларидан атроф-муҳитга келтирилган зарарни бартараф этиш харажатларини олиб ташлаб кўрсата бошлади. Ана шу тариқа иқтисодчилар ранглар билан боғлиқ атамалардан фаол фойдалана бошладилар.

Анъанага кўра, биз қора иқтисодиётни биламиз. Бу мавжуд қонунларни қўпол равишда бузган ҳолда иш юритадиган яширин (хуфиёна) иқтисодий фаолиятдир. Қора бозор – бу давлат томонидан тақиқланган ва таъқиб этиладиган фаолият бўлиб, бунга солиқ тизимини алдашдан тортиб, хуфиёна валюта, қорадори ва бошқалар билан ноқонуний савдо қилиш ҳам киради.

Бошқа томондан оқ иқтисод тушунчаси мавжуд бўлиб, бу атама орқали соғлиқни сақлашга оид маҳсулот ва хизматлар, илмий изланишлар ва таълим фаолиятига оид ишлаб чиқариш, тадқиқотлар, маркетинг ва сотишларни тушунилади.

Жигарранг иқтисодиёт, асосан, юқори даражада ифлосланиш ва газ чиқиндиларини келтириб чиқарадиган тармоқларни назарда тутади. Бундай саноат тармоқлари цемент, темир эритиш, карьер қазиш ва кўмир қазиб олиш, кўмирдан фойдаланадиган ишлаб чиқариш корхоналари ҳисобланади.

Сўнгги йил ичида кўплаб саноат корхоналари қолдиқлари, лой, тутун ва кислоталарни ўз ичига олган кўплаб инвестициялар ишга туширилди.

Бироқ инновацион ёндашувлар чиқинди ва қолдиқларни қайта ишлаш ғоясини илгари сурди ҳамда саноатнинг янги йўналишлари юзага чиқди. Бунга кўк иқтисодиёт дейилади. Ушбу иқтисодиёт тарафдорларининг фикрига кўра, фойдасиз материаллар деган нарса йўқ. Ҳамма нарса аслида янги маҳсулот учун хом-ашё ҳисобланади.

Ҳозирги кунда кулранг иқтисодиёт ҳам мавжуд бўлиб, бу ҳукумат билмаган норасмий фаолият ёки ҳукумат қоидалар ва солиқларсиз ишлаш имконини берган айрим тармоқ ёки корхоналарга нисбатан қўлланилади.

Албатта – охирги, лекин энг муҳими – бу қизил иқтисодиёт. Кўпгина муаллифларнинг фикрига кўра, бу коммунистик тизимли иқтисодиёт бўлиб, давлат ишлаб чиқариш ва тақсимотни ўз зиммасига олган ҳолларга айтилади.

Фарҳод МАМАДАЛИЕВ, туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари.