МАВЛОНО ЛУТФУЛЛОҲ ЧУСТИЙ – УЛУҒ АЛЛОМА

Ўз даврининг буюк алломаси ва ирригатори Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий 1487 йил Чодак қишлоғида ўша даврнинг зиёлиларидан Хожа Фатхуллоҳ оиласида дунёга келган. 25 ёшида Сўх сойини тартибга келтириб, 360 та катта-кичик ариққа бўлади, Сўх сойи атрофида обод қишлоқлар пайдо бўла бошлайди, шу билан, ҳозирги Сўх, Бешариқ, Олтиариқ туманларининг пайдо бўлишига асос  солинди.

Самарқандда Махдуми Аъзам қўлларида 30 йил таҳсил олади. У кишининг билими ва одобидан мамнун бўлган устозлари Махдуми Аъзам вафотларидан 15 кун аввал Самарқанднинг Даҳбед қишлоғида Мавлоно Лутфуллоҳга  пирлик мақомини берадилар, вафотидан сўнг ўша ерга дафн қилинади.

Мавлоно Лутфуллоҳ ўз даврининг буюк ирригатори ва битмас туганмас илм ва одоб соҳиби бўлган. Чустда боғлар барпо қилиш, далаларни, аҳолини сув билан таъминлаш  мақсадида катта хизматлар қилди. Халқ орасида «Мавлоно пирим қаерга ҳассаларини суқсалар, ўша ердан булоқ отилиб чиққан», -деган гаплар юради. Ваҳоланки, у киши  соҳа мутахассиси сифатида сув йўлларини аниқ билган. Чуст боғидаги ўндан ортиқ булоқлар ҳам Мавлоно Лутфуллоҳ даврида бунёд этилиб, 500 йиллик тарихни ўз ичига олади, деб таърифланади.

Бундан ташқари мадраса очиб, илм ва маърифат тарқатган. 1571 йилда Чуст шаҳрида вафот этган.

1932-1933 йилларда Шўролар ҳукумати даврида ҳужралар ва масжид бузиб ташланган. Мустақиллик йилларининг бошидаёқ масжид қайта қурилди ва ўлкашунослик музейи жойлаштирилди. Мавлоно Лутфуллоҳ мақбаралари қад кўтарди. Ул зоти шарифгача ва у кишидан сўнг бугунги кунгача яшаб келаётган авлодлари акс эттирилган шажара мақбара олдига жойлаштирилди.

Бу маскан ҳар куни меҳмонлар ва зиёратчилар билан тўлади.

Саидахон НАСИМХОНОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Чуст  тумани бўлинмаси раҳбари.