МАНГУБЕРДИ ЖАСОРАТИ

Мамлакатимиз тарихида Спитамен, Тўмарис, Широқ, Темур Малик каби ўз ватани озодлиги йўлида мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган тарихий шахслар талайгина. Юртимиз ўтмишига назар ташлар эканмиз, юқоридаги қаҳрамонлар қаторидан муҳим ўрин эгаллайдиган Жалолиддин Мангуберди қисмати ва тарихига алоҳида эҳтиром ва эътибор билан тўхталамиз. Мангуберди Хоразмшоҳлардан Муҳаммаднинг катта ўғли. Онаси – Ойчечак туркман канизакларидан бўлган. Жало-лиддин бурнида ҳоли (манк) бўлгани учун Манкбурни номи билан аталган. Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб, Мангуберди номи билан машҳур бўлиб кетган.

Жалолиддин Мангуберди ҳақида унинг шахсий котиби, тарихчи Насавий шундай ёзади: «Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ-кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди. Ҳеч қачон кулмасди. Жуда нари борса, жилмайиб қўярди. У адолатсизликларни ёмон кўрарди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди.

Жалолиддин Мангуберди мўғул қўшинларига шу даражада қақшатқич зарба бериш билан бир қаторда оддий халқ қалбидан ҳам чуқур ўрин олган эди. Шу боис одамлар узоқ вақт унинг ўлимига ишонишмаган ҳам. Кўп йиллар давомида Мангубердининг тирик эканлиги ҳақидаги миш-мишлар мўғулларни ваҳимага солиб келган.

Улуғ аждодимизнинг мўғул босқинчиларига қарши курашда кўрсатган мислсиз жасорати, ватанга ва ўз халқига садоқат ва чексиз муҳаббатини қадрлаш ва унинг порлоқ руҳини абадийлаштириш мақсадида 1998 йилда «Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш ҳақида» қарор қабул қилиниб,  ушбу қарорга кўра, унинг юрти Хоразмда Жалолиддин Мангубердига ҳайкал ўрнатилди, йирик кўча, майдон, жамоа корхоналари ва бошқаларга унинг номи қўйилди. Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий юришларида ҳамроҳ бўлган тарихчи Наса-вий Жалолиддин Мангубердига бағишлаб «Сийрат ас-султон Жалолиддин Мангуберди» («Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳолати») номли асар, Мақсуд Шайҳзода эса «Жалолиддин Мангуберди»  драмасини ёзган. Жалолиддин Мангуберди ҳақида видеофильм ишланди. 2000 йилнинг 30 августида «Жалолиддин Мангуберди» ордени таъсис этилгани эса юртимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг буюк саркарда аждодимизга муносиб авлод бўлиб улғайишида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Дилшодбек ИСОҚОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Косонсой тумани бўлинмаси раҳбари.