МИЖОЗЛАР БЎЛИМИГА ЯНГИ БИНО

Мамлакатимизда босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) жорий этилмоқда.

Туман электр тармоқлари корхонаси маъмурий биноси ёнида мижозлар бўлими биноси қуриб, фойдаланишга топширилди. Корхона томонидан бугунги кунда 40902 та маиший ва 1619 та улгуржи истеъмолчига хизмат кўрсатилади. Мазкур бўлимнинг алоҳида бинода жойлашиши ва АСКУЭ тизимининг жорий этилиши мижозлар учун кўплаб қулайликлар яратди.  Бўлим энг сўнгги русумдаги  9 та компьютер, юқори тезликдаги интернет билан таъминланди. Бир вақтнинг ўзида 6 нафар оператор хизмат кўрсатади. Энг муҳими, маълумот олишда тезкорлик, аниқлик ва мижозлар учун қулай шароитлар мавжуд.

Шу билан бирга, мазкур бўлим биноси ёнида  «Жавоҳир Ойбек ҳамкор» МЧЖ томонидан барча турдаги  электр жиҳозлари билан савдо қилувчи дўкон ҳам иш бошлади.

Мижозлар бўлими биносининг очилиш маросимида «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ раҳбари Ж.Риззаев, туман ҳокими М.Апақов иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар. «Энергетиклар куни» муносабати билан илғорлардан бир гуруҳига «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг фахрий ёрлиғи, туман ҳокимлигининг «Ташаккурномаси» топширилди.