АҲЛИ ЗЕБОЛАРГА ЭҲТИРОМ

«Хизробод» тантаналар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди. Унга ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган фидойи хотин-қизлар билан бирга «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ва меҳр-эътиборга муҳтож тўрт юз нафар хотин-қизлар таклиф этилиб, уларга эҳтиром кўрсатилди. Байрамона руҳ ва шукуҳга тўла мажмуа томон ошиқаётган аёллар гулдасталар билан қарши олинди. Юзу кўзларидан нур ёғилиб турган фахрий аёллар, ҳожи оналар давранинг тўридан жой олиб, эъзозу эътиборда бўлдилар.

Тантанада туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов самимий тилаклар билдириб, барчани айём билан қутлади.

Фарғоналик эстрада хонандаси Шаҳлохон Маҳмудова ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари, таниқли хонандалар Комилжон Неъматов, Умиджон Қорабоев, Авазбек Насриддиновлар томонидан ижро этилган дилрабо тароналар барчани рақсларга чорлади.

*Байрам муносабати билан йўқловлар уюштирилди. Туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов 1-сектор ҳудудидаги  якка-ёлғиз яшовчи онахонлар ҳолидан хабар олди. Шу куни ўнга яқин меҳр-эътиборга муҳтож аёллар йўқланди, улардан бир нафарига уй-жой қуриб бериш, бир нафарига 5 бош товуқ, бир нафарига ичимлик суви тармоғи тортиш, 2 нафар чин етим талаба қизга ҳар ойда пластик карточкасига бир миллион сўмдан пул ўтказилиши  белгиланди.

*Туман прокурори, 2-сектор раҳбари Шерзод Раҳимов байрам куни Истиқлол МФЙда яшовчи фуқаро Умида Абдуллаева ҳамда Жамила Аҳмедоваларни йўқлади. Шу куни мазкур  хонадонларга имтиёзли кредит асосида тикув машиналари етказиб берилди.

*Туман ИИБ бошлиғи Фурқат Мирзаевнинг ташаббуси билан тумандаги 56 та МФЙда яшовчи якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимоя ва эътиборга муҳтож аёллар ҳолидан хабар олиниб, эҳтиром кўрсатилди. *»Мега текстил» қўшма корхонасида 8 март байрами қўшалоқ шодиёнага айланди. Шу куни ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларидан беш нафарининг ҳатна тўйи ҳам ўтказилди. Туман маданият бўлими хонандаси Авазбек Насриддинов маданий хизмат кўрсатди.