«ЙИГИТ СЎЗИ»

Йигит сўз айтдими, демак бажариши керак. Буни юртимиздаги барча инсонлар яхши билади. Эркакка таъриф берилаётганда ҳам ваъдасини бажариши ҳисобга олинади.

Туман маданият марказида бўлиб ўтган тадбирда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар янгича ҳарбий анъанага кўра ўзларининг «Йигит сўзи»ни айтишди. Ҳарбий хизматга кетиш олдидан айтилган сўзлар ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг кўнглини хушнуд этди.

Президентимиз ташаббуси билан таклиф этилган «Йигит сўзи»ни айтиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Барча кўрик-танлов ва синовлардан аъло даражада ўтиб, муддатли ҳарбий хизматни ўташга лойиқ топилган йигитларгина бу имкониятга эга бўладилар.

Тантанада туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Воҳиджон Мамасиддиқовлар самимий тилаклар билдиришди.

«Йигит сўзи» тинглангандан сўнг йиғилганлар бўлажак ҳарбий хизматчиларга оқ йўл тилаб, эл-юртни муносиб ҳимоя қилишларига ишонч билдиришди. Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир эр йигитнинг бурчи. Ўтказилаётган бу каби тадбирлар ўғлонларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва мардлик туйғуларини уйғотишда катта аҳамиятга эга. Мазкур тадбир туман маданият бўлими хонандалари ижросидаги она-Ватанни тараннум этувчи қўшиқлар билан янада файзли бўлди.