СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

Савол: -Пенсионер пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш учун асос пайдо бўлган тақдирда пенсиянинг тайинланган тури миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкинми?

Саволга БТПЖ туман бўлими пенсия ва нафақалар тайинлаш гуруҳининг 1-тоифали инспектори Ҳошимжон ИМИНОВ жавоб беради.

Жавоб: -Тайинланган пенсияларни қайта ҳисоблаш учун асос бўлиб қуйидаги ҳолатлар хизмат қилади:

а) пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим этган тақдирда;

б) ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;

г) пенсияга устама учун ҳуқуқ пайдо бўлганда;

д) пенсия ҳисоблаш базавий миқдори ўзгарган тақдирда;

е) даромадлар индекстсия қилинган тақдирда.

Иш ҳақига минтақавий коэффициентлар белгиланган туманларда (шаҳарларда) ишлаган шахсга пенсияларни қайта ҳисоблашда минтақавий коэффициент ҳисобга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амалдаги иш ҳақи ҳисобга олинади.

Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун қайта ҳисоблаб чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан кейин исталган вақтда мурожаат қилишлари мумкин.

Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза пенсионер яшайдиган жой бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Оиланинг вояга этмаган аъзоси (боқувчисини йўқотганлик пенсияси) ёки белгиланган тартибда ҳуқуқий лаёқатсиз деб эътироф этилган шахснинг номидан пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза унинг ота-онаси ёки қонуний вакили яшайдиган жой бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.

Пенсия жамғармаси бўлими пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги масалани шахс тегишли ариза билан мурожаат қилганда кўриб чиқади. Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган пенсионернинг аризасига зарур ҳужжатлар илова қилиниши керак.