ИНТЕРНЕТ ИЛЛАТЛАРИ

Ҳозирги ривожланиш даврида ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб кирган интернет нафақат катталар, айниқса, ёшлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб улгурди. Ушбу тармоқ кўпдан-кўп фойда ва манфаатлар келтириши билан бирга унинг салбий жиҳатлари ҳам сон-саноқсиздир.

Умуман олганда, интернет тушунчаси дастлаб 1980 йилларда пайдо бўлган бўлиб, ҳозирги даврга қадар мукаммаллашиб келмоқда. Айни пайтда интернет орқали ўзингиз учун керак бўлган буюмлар ва ҳаттоки уй ҳам сотиб олиш мумкин. Бундай қулайликларнинг ҳаммаси бир тугмача орқали бажарилаётган бўлса, худди шу тугмача бизнинг ҳаётимизга, тинчлигимизга ва ёшларимизга таҳдид солувчи салбий иллатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Интернетдаги турли хил кўнгилочар сайтлар ва ўйинлар улардан тўғри фойдалана олмаётган ёшларимиз учун вақтларини беҳуда ўтказиш қуролига айланди. Ушбу глобал тармоқдан фойдаланишда одам ўз олдига маълум бир фойдани ва вақтни белгилаб олиши шарт. Акс ҳолда турли хил сайтларга кириб, ўзи учун мафаатли бўлмаган ишларга аралашиб қолиши мумкин.

Интернет инсонлар ичида энг кўп фойдаланиладиган тармоқ бўлгани сабабли ҳозирда турли хил диний экстремистик ташкилотлар ўзларининг нотўғри фалсафага эга бўлган тушунчаларини бутун дунёга ёйишда ундан кенг фойдаланмоқдалар. Бой тарихимиз, миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз ҳақида тушунчага эга бўлмаган айрим ёшларимиз бу ғаразли кимсаларнинг бузуқ фикрларига алданиб, она-Ватанлари ва ўз оилалари учун ўзлари билиб-билмаган ҳолда зарар келтирмоқдалар.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ота-оналар фарзандларига ўзининг бўш вақтини тўғри сарф қилишни, интернетдан  фойдаланиш қоидаларини ўргатиб, вақти-вақти билан уларни назорат қилиб турсалар, ўзлари, фарзандлари ва юртимиз учун катта фойда келтирган бўладилар. Зеро, бу гўзал ва тинч ўлкани асраб-авайлаш, турли хил, айниқса, интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

А.МУСАХАНОВ, «Девонабобо» масжиди имом хатиби.