СОҒЛОМ АВЛОД – КЕЛАЖАК ТАЯНЧИ

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ўтказилган биринчи давлат гранти танловида бизнинг  «Соғлом  авлод – келажак таянчи» грант лойиҳамиз ғолиб деб топилди ва 30 миллион сўм маблағ ажратилди.

2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури ижросини таъминлашда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ушбу лойиҳамизда чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишни кучайтиришга асосий эътибор қаратилади.

Лойиҳа доирасида мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ёшлар ўртасида маҳалла биринчилигини ўтказиш, «Соғлом она – соғлом бола» мавзусида туман тиббиёт бирлашмаси билан тиббий кўрик ташкил қилиш, «Соғлом авлод – келажак таянчи» мавзусида мактаб ўқувчилари, уюшмаган ёшлар ўртасида иншолар, расмлар, фотолавҳалар танловини уюштириш режалаштирилган. Шунингдек, «Соғлом турмуш тарзи» мавзусида соғлом овқатланиш, спортнинг аҳамияти мавзусида тарғибот тадбирлари ташкил қиламиз. МФЙда истиқомат қилувчи аҳолининг кенг қатлами ўртасида соғлом турмуш тарзига доир ижтимоий сўров ўтказамиз.

Ушбу лойиҳани олти ой давомида амалга оширишни режалаштирганмиз ва албатта, бу ўзининг ижобий самарасини кўрсатади.

Ибодилла АТАБОЕВ, Соку МФЙ раиси, лойиҳа раҳбари.