ЁШЛАРДА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТИБ…

30 июнь – «Ёшлар куни»га бағишлаб ЎзЛиДеП туман партия ташкилоти ташаббуси билан Иттифоқ МФЙда жойлашган 28-мактабда «Ёшлар тадбиркорлиги – порлоқ келажак гарови» шиори остида туманнинг илғор ёш тадбиркорлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят Кенгаши депутати Нафиса Мамасолиева, ЎзЛиДеП Наманган вилоят кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Дилноза Холматова, халқ депутатлари туман Кенгаши котибият мудири Акрамжон Абдуғаппаров, депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари, тадбиркору фермерлар қатнашдилар.

Тадбирда имконияти чекланган 22-мактабнинг ўқувчиси Шаҳноза Мирзараҳматованинг ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси барчага манзур бўлди. Якка тартибдаги тадбиркор Абдурашид Ғаниев бўш турган ер майдонида чорвачилик комплексини қуриб, зотли қорамоллар парваришлашни йўлга қўйди, 30 сотих ер майдонида  иссиқхона ташкил қилди. Ҳозирда иссиқхонада 600 туп лимон парваришланмоқда. «Олмазор» кўчасида тадбиркор Тўхтасин Раҳматиллаев ўн хил турдаги қурилиш маҳсулотлари ва бўёқлари ишлаб чиқаряпти. Тадбир қатнашчилари мазкур жараёнлар билан бевосита танишиб, бу каби тажрибаларни оммалаштириш зарурлигини таъкидлашди.

Ёшлар, тадбиркорлар, тадбирни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган фаоллардан бир гуруҳига ЎзЛиДеП туман партия ташкилотининг «Ташаккурнома»си ва эсдалик совғалари топширилди.

Aдиба ҲОЖИМИРЗАЕВА, ЎзЛиДеП туман партия ташкилоти аппарат раҳбари, туман Кенгаши депутати.