ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 июндаги ПФ-6241-сон Фармонига асосан айрим қарорларга ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 731-сон қарори 3-бандининг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«б) ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси (кейинги ўринларда пул компенсацияси деб аталади) нафақалар тўланиши учун масъул бўлган органлар томонидан ҳисобланади ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бунда, 2021 йил 1 июлга қадар ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 18 ёшдан катта шахсларга нафақа, 18 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, шунингдек, белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчига тайинланган, бироқ уларга тўланмай қолган пул компенсацияси қайд этилган пенсия ҳамда нафақа суммасига қўшилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади».

Мазкур ўзгартиришлар 2021 йил 1 июлдан кучга кирди.

Акрамжон СОБИРОВ,

Дилдора УМИРЗАҚОВА, БТПЖ туман бўлимининг мутахассислари.