Ишдан бўшатиш куни дам олиш кунига тўғри келиб қолган, шуни қандай тўғриласак бўлади?
Ишдан бўшатиш куни дам олиш кунига тўғри келиб қолган, шуни қандай тўғриласак бўлади?
– Ходим МК 157-модда бўйича, келишувга асосан ишдан бўшаш ҳақида ариза берган ва 2026 йил 4 июлдан бўшатишни сўраган. Биз ҳам қўшимча келишув тузиб, унда 4 июлдан шартномани бекор қилишни ёзганмиз. Келишув икки тарафлама имзоланган. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ҳам 4 июлдан бекор қилинсин деб чиқди. Лекин, кейин қарасак 4 июль дам олиш кунига, шанба кунига тўғри келиб қолган. Бу хатоликми? Агар хатолик бўлса, уни қандай тўғриласак бўлади?
– Ҳақиқатдан ҳам хатолик бўлибди. Чунки, Меҳнат кодексининг 170-моддасига асосан ходимнинг охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кундир. Яъни, меҳнат шартномасини бекор қилиш куни иш кунига тўғри келиши керак. Қаранг, Меҳнат кодексининг 9 ва ўша 170-моддасига кўра, агар охирги иш куни дам олиш кунига тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни охирги иш куни бўлади. Шу қоидаларга таяниб, юқоридаги хатоликни тўғриласа бўлади.
Бунда иш берувчи томонидан кеч бўлса ҳам, алоҳида буйруқ чиқариладида, меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси ўша шанба кунидан кейин келадиган биринчи иш кунига, яъни 6 июль (душанба) санасига ўзгартирилади. Ўз навбатида, шу буйруқнинг ўзи билан, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги дастлабки буйруқнинг тегишли бандига ҳам ўзгартириш киритилади. Ундаги “2026 йил 4 июль кунидан” деган жумлалар “2026 йил 6 июль кунидан” деган жумлаларга ўзгартирилади. Шундан сўнг, ана шу охирги буйруқдан кўчирма нусха ходимга почта орқали юборилади. Агар дастлабки буйруқ ҳақидаги маълумотлар ЯММТга киритилган бўлса, кейинги буйруқдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси ўзгартирилгани ҳақидаги маълумот ҳам ЯММТга киритилади.
Шокиржон ДАДАБОЕВ,
туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти.

