ИШДАН БЎШАЁТГАН ХОДИМЛАРНИНГ ТАЪТИЛ ПУЛЛАРИ КАЙСИ ҲОЛЛАРДА ҚАЙТАРИЛМАЙДИ?
Кўпчилик бухгалтерлар жуда яхши билишади, ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун Меҳнат кодексининг 269-моддаси 2-қисми 6-бандига мувофиқ ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолинади.
Лекин бу ҳамма ҳолатда ҳам эмас. Шундай асослар ҳам борки, таътил учун тўланган ҳақ ходимнинг фойдасига хизмат қилади.
Меҳнат кодексининг 269-моддаси 3-қисмига эътибор қилинг! Ҳар йилги меҳнат таътилининг ишлаб берилмаган кунлари учун ушлаб қолишлар меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг қуйидаги асосларига кўра бекор қилинган тақдирда амалга оширилмайди:
– 137-моддасининг 4-қисмида (ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан);
– 143-моддасининг 2-қисмида (ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказилишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати билан);
– 146-моддасининг 5-қисмида (ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни рад этганлиги сабабли);
– 161-моддаси 2-қисмининг 1 (ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги), 2 (технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги) ва 3-бандларида (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги);
-168-моддаси 1-қисмининг 1 (ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги), 2 (шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги), 6 (ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги), 8 (ходим вафот этганлиги, шунингдек суд томонидан ходимнинг бедарак йўқолган деб эътироф этилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги) ва 9-бандларида (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги) назарда тутилган асосларга кўра;
-ходимнинг ташаббуси билан 160-моддасининг 8-қисмида (меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза у ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлган ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши каби) кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлганда.
Юқоридаги асослардан ташқари, ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилиши ёхуд якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатнинг давом этишига монелик қилувчи ҳолатларнинг юзага келиши ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаса, меҳнат шартномаси 168-моддасининг 4 ва 5-бандларига кўра бекор қилинганда ҳам бундай ушлаб қолиш амалга оширилмайди.
Мана шу кўрсатиб ўтилган асослар бўлганида иш йили тугамасидан ҳар йилги таътилларидан фойдаланиб ишдан бўшаётган ходимларнинг таътил вақти учун тўланган ҳақлари кайтарилмайди.
Шокиржон ДАДАБОЕВ,
Одилхон БОЙХОНОВ,
туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсултлари.

