«ҚУРОЛ» МАХСУС ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРИ
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлдаги «Қурол тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2022 йил 22 февралдаги кўрсатмаси ҳамда вилоят ИИБнинг 2022 йил 4 март кунги кўсатмасига асосан фуқароларга тегишли бўлган қуролларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиш қоидаларини билиши устидан назоратни кучайтириш, қурол билан боғлиқ турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида туман ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган алоҳида режа асосида туман ҳудудида «Қурол» махсус профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқаролар томонидан қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳамда фойдаланиш тартибларига риоя этилишини текшириш, ишончли сақланишига тўсқинлик қилувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, жиноят ва бахтсиз ҳодисаларнинг юзага келишига замин яратувчи омилларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган мақсадли тадбирларни ташкил этиш, аниқланган камчиликлар бўйича ўз вақтида амалий чоралар кўришдан иборат.
Эслатма: қурол сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича асосий қоидалар:
-қурол ва унинг ўқ-дорилари қурол эгасининг доимий яшаш жойида сақланиши лозим;
-ов қуроли сақланадиган сейф доимий равишда берк ҳолда бўлиши, қулфининг калити фақат овчининг ўзида бўлиши;
-сейфда қуроллар бўлакларга ажратилган ҳолда, ўқ-дорилардан алоҳида сақланиши лозим;
-овчилик бадали ва давлат божини ўз вақтида тўлаб бориш шарт;
-қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг амал қилиш муддатига доимий риоя қилиш талаб этилади.
Бекзод БЕКМИРЗАЕВ,
туман ИИБ ЖТСТГ катта инспектори, катта лейтенант.

