КУТДИНГМИ, ОНА

Кўзларим йўлингда бўлиб нигорон,

Соғиниб соғинчдан синдингми, она,

Шамолда эшигинг очилса ҳар он,

Мен эмаслигимга кўндингми, она?

Кутибсан келмабман бағрингни эзиб,

Рангинг ҳам сарғайиб, ҳолдан тойибсан.

Бир ўзинг пиширган ошингдан безиб,

Ҳатто тановул ҳам қилмай қўйибсан.

Оёғинг оғрибди, оғрибди қўлинг,

Хассага таяниб олибсан охир.

Мени йўқламоққа тушганда йўлинг,

Келишинг кутмабман мен бир тошбағир.

Кутмабман бир ҳовуч мағиз илиниб,

Боламга асрабман ўзим ҳам емай.

Сенга ҳам қолмабди меҳрим бўлиниб,

Сен ҳам илинардинг ўзингни демай.

Ташвишим ортибди ёшим улғайиб,

Сени асрамоқни ўйламабман ҳам,

Бир куни қарисам сендек мунғайиб,

Қаддимни букарми соғинч деган ғам?

Ғамларим аритиб қўярдинг, онам,

Меҳрингни тафтидан паноҳ топардим.

Мени бир кулгимга эдинг парвонам,

Сени маҳкам қучиб, юзинг ўпардим.

Дастимдан юзингга ажинлар тўлди,

Умрингни ўтказдинг йўлимни пойлаб.

Арзимас тўсиқлар баҳонам бўлди,

Сени йўқлолмадим бир неча ойлаб.

Умида ПЎЛАТОВА.