ДОЛЛАР ХАРИДИ БАРБОД БЎЛДИ
Юртимизда чет эл валюталари, хусусан, АҚШ доллари олди-сотдисида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилган бўлиб, эндиликда фуқароларимиз доллар сотиш ёки сотиб олишни ўзига қулай банк орқали бемалол, ҳеч бир оворагарчиликларсиз, ортиқча қоғозбозликларсиз амалга ошириш имкониятига эгадирлар.
Афсуски, ҳали-ҳануз орамизда доллар олди-сотдисига ноқонуний қўл ураётган фуқароларнинг борлиги жадал тараққиётимизга тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳамюртимиз Ю.А. ана шундай қонунбузарлардан бўлиб чиқди. Ю.А. ўзининг ғайриқонуний «опера-ция»сини Наманган шаҳрида амалга оширишга бел боғлади. У махсус харидор томонидан тақдим этилган 40 млн. сўм пул эвазига 3800 АҚШ долларини сотишни келишади. Аммо харид ниҳоясига етмай, якун топади. Ю.А. воқеа жойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан ушланди.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Суд Ю.А.ни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан жазога тортди.
Жаҳонгир АҲМАДЖОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими суриштирувчиси.

