КИТОБХОН ОИЛА
Беруний маҳалласида яшовчи Наимахон ва Собиржон Валиевлар оиласини китобхон оила, десак янглишмаймиз. Хонадондаги китоб жавонидан салкам беш мингга яқин бадиий ва ўқув адабиёти жой олган.
Наимахон опа таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашида бухгалтер, Собиржон ака «Сувоқава» давлат унитар корхонаси туман бўлимида слесарь. Қизлари Лола 10-мактабда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Исломбек А.И.Евдакимов номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг даволаш факультетини тугатган. Айни вақтда урология ва андрология йўналишида ординатурада ўқишни давом эттиряпти. Расулбек 6-мактабнинг 3-синфида ўқийди.
-Фарзандларимда илм олишга бўлган иштиёқнинг ошишида китобнинг ўрни беқиёс, -дейди Наимахон Валиева. -Раҳматли отам Багдод Салимовдан қолган катта маънавий бойлик мен учун, оилам учун жудаям қадрли. Ҳар йили китоб фондимизни нодир адабиётлар билан бойитиб борамиз. Фарзандларим ҳам шунга одатланган.
Суратда: оилавий китобхонлар.

