ОЛИМЖОН ОТА ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН ТУРНИР

1-сектор ҳудудида жойлашган «Олимжон ота» мини стадионида Наврўз байрамига бағишлаб хотира турнири бўлиб ўтди.

Туман ҳокимининг ўринбосари, иқтисодчи, камтарин ва беназир инсон бўлган Олимжон Мамажонов туманимизнинг назаркарда инсонларидан эди. Бугун унинг зурриётлари Илҳомжон, Шуҳратжон, Шавкатжон, Акмалжон Мамажоновлар оталари бошлаган хайрли ишларни давом эттиришмоқда. Уларнинг ташаббуси билан Наврўз байрами шарафига мини футбол бўйича турнир ташкил қилинди. Туманимиз маҳаллаларидан келган 18 та жамоа ғолиблик учун курашди.

Муросасиз баҳслардан сўнг «Уйчи» жамоаси 1-ўринни ва кубокни қўлга киритди. 2-ўринни «Янгиҳаёт» жамоаси эгаллади. «Бирлашган» жамоаси 3-ўринни банд этди. Уларга «Мустақиллик 7» фермер хўжалигининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, энг яхши иштирокчилар ҳам тақдирланди.

Турнирда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Мирзоҳид Заитов иштирок этди.

Неъматилла РАҲИМОВ,

«Маҳалла» ХЖФ туман бўлими бошлиғи.