ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 14 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-759-сонли Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, 223-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди: Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини, хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган идентификацияловчи ID-картаси (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) билан, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, идентификацияловчи ID-картасини (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилиши, худди шунингдек, фуқаролар томонидан ўз турар жойларида шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйилиши, – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, мазкур қонун билан Жиноят, жиноят-процессуал ва бошқа бир қатор кодексларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ж.МАМУРОВ,
вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.

