ФУҚАРОГА ТУҒИЛГАНЛИК ГУВОҲНОМАСИ БЕРИЛДИ
Бўлим Гулбоғ МФЙ, Ҳазрати инсон кўчаси 153-уйда яшовчи фуқаро Мухаммад Отақўзиевнинг туғилганлик гувоҳномасини олиш тўғрисидаги мурожаати иш юритувига олиниб, ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида, мурожаат муаллифи 1974 йил 7 январь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилганлиги, маълум бир оилавий сабабларга кўра ҳозирга қадар туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олмаганлиги ҳолати аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил
14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” қоидаларининг 19-бандида “16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади” деб белгиланган.
Ушбу асосга кўра, М.Отақўзиев Янгиқўрғон туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганда, унинг мурожаати рад этилиб, бу борада фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.
Бинобарин, М.Отақўзиев туғилганлик гувоҳномаси мавжуд эмаслиги оқибатида, у Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини ололмасдан ўзининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган фуқаролик, иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқара олмаган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўриш мақсадида жорий йилнинг 11 февраль куни Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига фуқаро М.Отақўзиевнинг туғилганлик гувоҳномасини олишни сўраб даъво ариза киритилди ҳамда мазкур суднинг жорий йил 28 февраль кунги ҳал қилув қарори асосида М.Отақўзиевга туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштириб берилди.
Зеро, «Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир».
Баҳодир ҚОДИРОВ,
туман адлия бўлими инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси.

