ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ ВА ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Бугунги кунда дунё нотинч ва кўплаб халқлар саросимага тушган. Қайсидир давлатда зиддиятлар, яна бошқасида сув тошқини, зилзила каби табиий офатлар халқнинг бошига ёғилган даврда мамлакатимизда соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллашмоқда. Бу ислоҳотларнинг пировард мақсади битта — адолатли жамият барпо этиш ҳамда инсон қадрини улуғлаш ва ҳуқуқларини таъминлаш. Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, инсон манфаатларини таъминлаш учун тамойилида иш юритилаётгани бизни қувонтиради. Ҳар бир ислоҳотда инсоннинг қадр-қиммати эътиборга олинмоқда. Давлат раҳбарининг маърузаларида ҳам, ҳудудларга ташрифларида ҳам инсонни қадрлаш ҳақида сўзламоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти инсонни қадрлаш ва унинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган. Масалан, кам таъминланган оилаларга 2017 йилда 500 минг нафарига ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса, 2022 йил декабрь ҳолатига кўра, у 2 миллиондан ошгани айтилди. Ёрдам учун ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етгани таъкидланди. Бу билан мамлакатимизда ҳеч бир оила давлат назоратида дегани эмасми?!

Сўнгги йилларда аҳолини ўрганиш мақсадида уйма-уй юришлар шаклида иш олиб борилмоқда. Бу – ҳар бир хонадонга кириб борилаётганидан далолат. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланмоқда, дегани. Ҳаттоки, бугунги кунга келиб, фуқаролар уйдан чиқмаган ҳолда электрон платформаларга кириб, ўз ҳуқуқлари бўйича мурожжатларини йўллашлари мумкин. Эндиликда, адвокатларни танлаш бўйича электрон тизим яратилади, вилоят судлари масъулияти ва ваколатлари оширилади, прокурорларнинг холислиги қонун билан мустаҳкамланади, айблов хулосалари эса фақат ҳимоя фикри билан қабул қилинади. Бу албатта, “аввало — инсон, кейин — жамият ва давлат” ғоясини амалдаги исботи бўлаётганидан. Инсон омилини биринчи ўринга қўйилаётгани ҳам унинг қадр-қиммати ва манфаатлари устуворлигини таъминланишидан даракдир.

Жорий йилнинг бошларида Давлатимиз раҳбари водий вилоятларига ташриф буюрди. Ташриф чоғида, таълим масканлари, тадбиркорлар фаолиятлари, маҳалла аҳолисига яратилаётган шароитлар билан танишди. Одатда ташриф якунида вилоят аҳли билан очиқ мулоқот ўтказиши режалаштирилади. Масалан, Наманган шаҳрида ҳам вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари муҳокамаси юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда, сўнгги йилларда вилоятда бўлаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлари таҳлил қилинди.

Очиқ мулоқотда кейинги беш йилда Наманган вилоятида корхоналар сони 15 мингтага кўпайгани ва у бугунги кунга келиб, 32 мингтадан ошгани айтилди. Шунингдек, бу даврда хусусий бизнес ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 1,6 баравар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етгани, натижада республика бўйича энг юқори ўринда экани таъкидланди.

– Тасаввур қилинг, олти йил аввал дотацияда бўлган вилоят бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлди, замонавий саноат ва кучли тадбиркорлар шаклланди, – деди Шавкат Мирзиёев. Ҳақиқатдан ҳам вилоятимиз ишбилармонлар, тадбиркорлар юртидир. Ҳар бир хонадонда кичик-кичик бўлса-да, ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Кимдир кийим-кечак билан бўлса, яна кимдир аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ишларини йўлга қўйган. Бундан фаҳрланмай бўладими?

Барча давлатни олдида турган яна бир масала, аҳолини иш билан банд этишдир. Ҳалқимиз “бекорчидан ҳамма безор” деб, бежиз айтилмаган. Бирор юмуш билан банд бўлса, оила тинч-тотув ва фаровон бўлади. Бу ҳаётимизнинг ёзилмаган қоидаларидандир. Вилоятимизда бу йил 500 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаш режаси борлигини айтилди. Очиқ мулоқотда бу режаларни фақат ва фақат тадбиркорларга таяниб, уларни қўллаб-қувватлаб эришиш мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.

Бунинг учун вилоятда оилавий тадбиркорликнинг ошириш мақсад қилинган. 2023 йил давомида 950 миллиард сўм ёки 2 баравар кўп имтиёзли кредит, махсус тўқимачилик зонаси ташкил этилади ҳамда 15 та саноат зонаси инфратузилмасига 75 миллиард сўм ажратилиб, шунингдек, ҳар бир туманда камида 2 тадан микромарказ ўз фаолиятини йўлга қўяди. Натижада вилоятдаги аҳолининг имконияти кенгайиши ва шароитлари яхшиланиши, ҳаётидан розилигига эришилади. Шу сабабли бугунги кунда нафақат вилоятимизда, балки республикамизнинг барча ҳудудларида ислоҳотлар жадаллашган.

Вилоятимиздаги бу каби ислоҳотлар давомида ёшларни билим олишлари учун яратилаётган шароитларни кўриб, кўзимиз қувонади. Ахир буларнинг барчаси жажжигина фарзандларимиз учун қилинмоқда. Президентимиз Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” кутубхонасини бориб кўрди. Масканда яратилган имконият ва шароитларни кўриб: “Наманган буюк алломалар, уста тадбиркорлар юрти. Бугун ҳам ёшлар иқтисодиёт, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда. Буларни эшитиб, кўриб, хурсанд бўламан. Ёшларимиз учун янада кўпроқ имкониятлар ташкил қилишни ўйлайман”, – деди Президент.

Мазкур мажмуа 2021 йил фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кунда унинг китоб фонди 70 мингта етди. Кутубхона жаҳондаги йирик электрон кутубхоналар тармоғига улангани ҳатто ҳаёлимизга келмаган эди. Бугун фарзандларимиз хорижий адабиётлардан эркин ва бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, масканнинг биринчи қаватида 12 ёшгача бўлган болалар ҳамда кўзи ожиз фуқароларга мўлжалланган алоҳида ўқиш зали мавжудлигидан ҳайратдамиз. Кичкинтойлар учун ҳам алоҳида жиҳозлар қўйилган.

Яна шу каби ислоҳотларни бир қанчасини давом эттиришимиз мумкин. Энг муҳими, буларнинг ҳаммаси мана юртда яшаётган халқ учун эканини англаб етишдир. Одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши йўли қилинаётган саъйи-ҳаракатлар кўламини ошиб бораётгани, англаган ҳар бир инсонга завқ беради. Қалбларимизда ҳар сония шукроналик бўлиши лозим. Бундай яратилаётган имконият ва шароитларни ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ.

 

Наргиза САМАТОВА,

туман ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори.