ЭЗГУ АНЪАНАЛАР БАРДАВОМ

2 сентябрь куни буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси, мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафот этганига бир йил тўлди. Биринчи Президентимиз азиз умрини жонажон юртимиз, халқимиз бахту саодати, бугунги тинч ва фаровон кунларимизга бағишлади,  Ватанимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, буюк сиёсатчи, доно ислоҳотчи, тинчликпарвар ва халқпарвар давлат раҳбари сифатида халқимиз орасида, бутун дунёда катта ҳурмат қозонган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда:»Халқимиз ва халқаро ҳамжамият Ислом Каримов номини Жорж Вашингтон, Шарль де Голл, Мустафо Камол Отатурк сингари давлат ва сиёсат арбоблари қаторига қўяди». Биринчи Президентимизга хос бўлган букилмас ирода, ватанпарварлик, мардлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барча учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ислом Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкалларни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўрнатиш белгиланган эди.

31 август куни Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳи олдида ҳамда 2 сентябрь куни Биринчи Президентимиз туғилиб ўсган, камолга етган ва мангу ором топган Самарқанд шаҳрида Ислом Каримовнинг ҳайкали очилдики, бу элу юртимизнинг ушбу улуғ инсонга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг яна бир амалий ифодасидир.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ислом Каримовнинг ҳайкали очилиши муносабати билан ўтказилган маросимларда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Ушбу нутқни телевидение орқали тинглаб, жудаям таъсирландим. Устозни отадек улуғ кўрилиши, устоз – шогирд анъаналари бардавомлигидан қалбим қувончга тўлди.

Ислом Каримов хотирасига бағишлаб бунёд этилган ҳайкаллар пойи бугун гулларга бурканди. Бу табаррук масканлар халқимиз учун, юртимизга келадиган минг-минглаб азиз меҳмонлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланиши, шубҳасиз.

Барча юртдошларимиз қатори биз, нуронийлар ҳам юрагимиздан чуқур жой олган Ислом Каримов хотирасини ёд этмоқдамиз. У кишининг охиратлари обод бўлсин.

Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ,

Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.