АМАЛГА ОШМАГАН ҚАЛТИС РЕЖА

Ҳамюртимиз М.А. ва Ғ.С. ўзаро ҳамкорликда иш бошлашни режа қилганларида бошлаган ишлари охир-оқибат панжара ортига олиб келишини билмасликлари мумкин эмасди. Чунки ақли расо ҳар қандай кишига бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар кун келиб фош бўлиши кундай равшан.

Келинг, барчасини бир бошдан баён этайлик. Ҳамтовоқлар мўмай даромад илинжида тузган режалари уларни туманимиз ҳудудидан ўтувчи Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасига етаклаб келди. У ерда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган кимсалар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, айланма йўллар орқали ноқонуний равишда ўтказилган, тегишли ҳужжатлар ва акциз маркасига эга бўлмаган тамаки маҳсулотларини ташиб беришга келишишди. Жами 28388 қути ноқонуний товарнинг 11410 қутисини биринчи рейсда юклаб, Ғ.С.нинг яшаш хонадонига яширишди. Қолган маҳсулотларни ҳам олиб келишга борганларида чегара ходимларини кўриб қолишди. Шунда автоуловни ҳам, тамаки қутиларини ҳам ташлаб, воқеа жойидан яширинишга уринишди. Бироқ, жиноятга қўл урган қай бир шахс қонун посбонларидан қочиб қутулибди-ки, қаҳрамонларимиз уни уддалашса?

Юқоридаги ҳолат ЖИБ туман судида кўриб чиқилди. Айбланувчилар М.А. ва Ғ.С. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан жазога тортилишди.

Уларнинг аччиқ қисмати, мана шундай қабиҳ йўлни ихтиёр қилиб турган айрим фуқароларга сабоқ бўлсин. Зеро, «Кўза кунда эмас, кунида синади», -деган нақл бор доно халқимизда.

Иброҳим ЮСУПОВ.