ҲАРАКАТНИ БИРГАЛИКДА ҚИЛАЙЛИК
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 27 июль кунги сонида берилган Республика Маънавият ва маърифат марказининг бир гуруҳ фаоллари ва маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига мурожаатини ўқиб, юрагимда ёрқин умид чақнади (рости, тилла топганимда ҳам бунчалик хурсанд бўлмасдим). Тўғриси, бугунги кундаги таълим-тарбиядан, фарзандларимизнинг кўча-кўйдаги юриш-туришларидан, телефондан бош кўтаролмай қолган болаларимизни кузатиб, кўнглим шу қадар чўкиб бораётган эди-ки…
Миллат келажаги, Ватанимиз тараққиёти пойдевори, албатта, оилага ва яна оиладаги муҳитга боғлиқлиги аниқ. Ҳаммамиз биламизки, бола у қиздир, ўғилдир авлодларимиз давомийлигини таъминловчи шахс экан, қадриятларимиз ва миллатимиз давомчилари ҳамдир. Уларнинг тарбиясига ачинарли ҳолда беэътибор бўлиб боряпмиз. Айниқса, жим турса бўлди, деб ёш гўдакларимиз қўлига телефон бериб қўйяпмиз. Мактаб ўқувчилари қўлидаги телефонни-ку, айтманг. Қимматбаҳо, интернети зўр ишлайдиган, ўртоқлари олдида қаддини ғоз тутиб кўз-кўз қиладиганидан. Қани энди шу болалар телефондан унумли фойдаланиб, қаердаги бемаъни, беҳаё нарсаларга ружў қўймай, илм олиш йўлида, ўз тафаккурларини ошириш учун ишлатсалар?
Мурожаатда келтирилган масалалар бугунги куннинг долзарб муаммоларидир. Бунга ҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, керак бўлса, ҳар бир маҳаллада, мактабда тарбия фидойилари, маърифат тарғиботчилари учрашувлар ўтказиб, расмий йиғилиш эмас, дилдан суҳбат ёки бир дўстона мулоқот шаклида иш олиб боришимиз керак. Айниқса, маҳалла нуронийлари, кекса отахон-онахонларимизни ҳам жалб қилсак, натижа янада яхшироқ бўлади, фикримча. Ҳозирги ёш авлодга, оиламиз эркатойларига айланиб бўлишган болаларимизга расмиятчилик билан эмас, меҳрли ёндашув билан кўнглига йўл топа оламиз, холос. Тарбияси оғир фарзандларнинг ота-оналари билан астойдил шуғулланиш керак аслида.
Инсон дунёга беғубор, бегуноҳ ҳолида келади. Гўёки – оппоқ қоғоз! Унга жозибадор гўзал ранглар, яъни одоб-ахлоқ, қадриятларимиз билан безак берайлик. Минг афсуски, қўлимизда ўчирғич йўқ, қора доғларни зумда ўчириб ташлайдиган. Шунга тарбия масаласида жуда эҳтиёткорлик билан, хатоларга йўл қўймаслик учун ҳаракатни биргаликда олиб боришимиз ўринлидир.
Маъсуда ҚИРҒИЗОВА,
«Тарбиямиз фидойилари» ҳаракати аъзоси, ижодкор.

