ТАРБИЯДА ОТАНИНГ ЎРНИ
Эркак – оила бошлиғи, хонадон устуни. Бу эътирозсиз қабул қилинган меъёрдир. Ана шу меъёрни ушлаб туриш, ота ролини муносиб бажариш, уни маромига етказиш, ҳар бир эркакдан катта масъулиятни талаб этади. Фарзандлар, айниқса, ўғил болалар истайсизми-йўқми, отага, унинг юриш-туриши, одоб-ахлоқига тақлид қилади.
Ота тинмай меҳнат қилади, елиб-югуриб, рўзғорига ризқ ва барака келтиради. У оилани бошқаришни ўз бурчи деб билади. Хонадонда тарбия топаётган ўғил фарзандлар ўзларини ота қиёфасида кўришга ва улардан нусха олишга ҳаракат қилишади. Рўзғор юритиш, фарзандлар тарбияси эса севимли ва меҳрибон оналар зиммасидаги вазифадир. Ота ҳурматини жойига қўйиш, эр-хотин муносабатларини фарзандларига намуна қилиб кўрсатиш аёлнинг маҳоратига боғлиқ.
Ўсмир ёшдаги ўғил фарзанд отаcи билан мулоқот қилиш ва улар билан турли мавзуларда суҳбат қуришни қалбан хоҳлайди ва шунга эҳтиёж сезади. Бу вақтда ота ўз дилбанди билан дўст-суҳбатдош сифатида муносабатга киришса, фарзанд ҳам падарини энг яқин инсон сифатида қабул қилади. Ўз орзу-истакларини отасига очиқ баён эта олади, ҳатто уни қийнаётган муаммоларни ҳам айтишга журъат топади. Ота болани тинглаш ва унинг ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда муносабатни ташкил этиш ва ҳар бир фарзандининг ҳис-туйғуларини тушуна олиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Оилада ота-она асосий тарбиячи ҳисобланади. Тарбиянинг эса услублари кўп. Ўргатиш, тушунтириш, тақиқлаш ва ҳоказо. Лекин тарбиянинг энг самарали усули – намуна кўрсатишдир. Шунинг учун хонадонда ўғил-қизларга қандай намуна кўрсатилса, ана шу фазилатлар уларда акс этади.
Шундай экан, оилада соғлом муносабатнинг шаклланишида, қолаверса, фарзандларни комил инсон бўлиб вояга етишларида оталарнинг роли ва ўрни жуда ҳам беқиёс. Улар бурчларини сидқидилдан бажарсагина, ўйлаган мақсад-ларига эриша олади.
Нозима КАРИМОВА,
туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлимининг 2-тоифали инспектори.

