МУСТАҚИЛЛИК БУЮК ВА БЕБАҲО НЕЪМАТДИР

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига роппа-роса 32 йил бўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.

Мамлакатимиз мутақиллигининг ўтган 32 йиллик даври мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни, вайрон бўлаётган шаҳар ва қишлоқларни, тинч аҳолининг қони тўкилаётганини кўриб, Ўзбекистон фуқароси бўлганимиздан фахрланиб, шуни баралла айта оламизки, энг олий саодатимиз – мустақиллигимиздир.

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади.

Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, шу юрт фуқароларининг ҳаёт тарзини юксалтириш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашни кўзда тутади. Шу боис барча саъй-ҳаракатлар инсонларнинг турмуш даражасини яхшилаш, уларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган.

Президентимиз томонидан халқ ичига кириб бориш, одамлар билан мулоқот қилиш, дарду ташвишларини эшитиш ва муаммоларига ечим топишга кўмаклашиш, жамият ҳаётига жиддий эътибор билан қараш бугунги кунда ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиши кераклиги таъкидланиб, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоя давлат органлари фаолиятида бош мезон бўлиши зарурлиги қатъий талаб сифатида белгиланиши моҳиятида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассамдир.

Халқ қабулхонасига турли хил мазмундаги мурожаатлар келади. Уларнинг бир қисмида туманимизда амалга оширилаётган ишларга нисбатан муносабат билдирилган бўлса, аксарият мурожаатлар дуч келаётган муаммолар юзасидан бўлгани ҳолда, уларни ҳал этишга амалий ёрдам берилиши сўралган.

Ўтган давр мобайнида тизим фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш имконини берадиган, барча даражадаги идоралар, ҳокимликлар билан аҳоли ўртасидаги кўприкка, ўзаро мулоқотнинг самарали механизмига айланди. Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарга фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар уларнинг ҳаёт тарзи, эҳтиёжлари ва жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнамоқда.

Истиқлолдек буюк неъматни асраш, уни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, ёшлар онги ва қалбига бу улуғ туйғуни янада чуқур сингдириш, янги авлодни дунёнинг бугунги юксак талабларига мос равишда тарбиялаш борасида зиммамизда жуда катта масъулият борлигини ҳам англаймиз. Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар жамиятнинг ҳар бир аъзосидан фаоллик ва ташаббускорликни, зукко кузатувчанликни талаб этмоқда.

Ҳар йили саховатли кузнинг биринчи тонгида мустақиллик байрамини нишонлар эканмиз, истиқлол солномасининг янги саҳифасига янгича шиддат, эртанги ютуқларимизга қатъий ишонч билан қадам қўямиз. Байрамнинг улуғ шукуҳи озод ва обод Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий бўй-бастини дунё кенгликлари узра намоён этаверади.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Жалолиддин НИЗАМОВ,

туман Халқ қабулхонаси мудири.