НИКОҲ ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛСА…

Бош Қомусимизда оилани мустаҳкамлаш, ундаги муносабатларни ўзаро муҳаббат, ҳамжиҳатлик, барча аъзоларнинг  масъуллиги ҳисси асосида қуриш, бирор-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш каби асосий тамойиллар ўз ифодасини топган. Конституциямизнинг 76-моддасида: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасидадир», -деб белгилаб қўйилганлиги оиланинг қанчалик юксак асос эканини кўрсатади.

Оила қуриш учун маълум ҳаётий тажриба, жисмоний ва маънавий етуклик талаб қилинишини эътиборга олган ҳолда қонунда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра тегишли туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.

Никоҳ тузишга мажбур қилиш қонун билан тақиқланади. Аёлни ўз эркига хилоф равишда эрга тегишга мажбур қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддасига кўра жазоланади. Шунингдек, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 473-моддасига асосан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш қонуний жазо тайинлашга сабаб бўлади.

Наргиза САМАТОВА,

туман адлия бўлимининг ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори.