МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади. Фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, санаторий-курортда даволанганлиги, шунингдек, соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертиза қилиш натижаларига кўра аниқланган меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланади.
Меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси шахсни ишдан (ўқишдан) озод қилиш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси билан тасдиқланади:
-ўқувчи, талаба, магистрант, клиник ординатор ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги;
-алкоголга қарамлик натижасидаги касалликлар ва жароҳатлар, шунингдек, мастлик натижасида олинган жароҳатлар;
-ходимларни даврий профилактик тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;
-хизматга чақирилувчиларни амбулатория ёки стационар шароитда тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;
-касалликнинг келиб чиқиши касб билан боғлиқлигини аниқлаш юзасидан текширув ўтказилганлиги;
-айбланувчи ёки судланувчининг суд ажрими билан тиббий муассасага жойлаштирилганлиги;
-амбулатория шароитида ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври ўн тўрт календарь кундан ошганлиги.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари, қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан берилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникаларнинг, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда бир йўла бир юз йигирма олти календарь кунига берилади.
Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш учун туғруқ муассасаси томонидан яна ўн тўрт календарь кунига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
И.ДАВРАНОВ,
туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.

