ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА
Ер умуммиллий бойликдир. У энг муҳим табиий ресурс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига оид ерларни реализация қилиш, улардан фойдаланишни тартибга солиш ва муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали ер эгалари ва фойдаланувчилари, шунингдек, назорат ва давлат бошқаруви идораларининг масъулиятини оширишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиб келинмоқда.
Бугунги кунда, амалда соҳани тартибга солувчи 1 та кодекс, 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та қарор ва фармонлари (6 тадан), Вазирлар Маҳкамасининг 11 та қарори ва 2 та идоравий норматив ҳужжат мавжуд.
Таъкидлаш лозимки, соҳага оид муҳим ислоҳотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сонли Фармонига асосан амалга оширилди.
Мазкур Фармон билан суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга, шу жумладан, саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ажратиладиган ерлар бундан мустасно эканлиги қатъий белгиланди.
Илгари ер участкалари фермер хўжалиги ташкил этиш учун инсон омили мавжуд бўлган, шу жумладан, турли кўринишдаги суиистеъмолчилик, қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик, айниқса, коррупция ҳолатлари кенг тус берадиган очиқ танлов асосида ажратилган бўлса, деҳқон хўжаликлари ва юридик шахсларга тўғридан-тўғри берилиб, ҳақли эътирозларга сабаб бўлар эди.
Мисол учун, прокуратура органлари томонидан ўтказилган текшириш ва мониторингларда биргина 2020 йилда 65 мингта ҳолатда 18,664 гектар экин майдонидан ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланиб келинганлиги;
– мансабдор шахслар томонидан 5 мингдан зиёд ҳолатда жами 81,048 гектар ер майдони ноқонуний ажратилганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнь кунидаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сонли Фармони мазкур йўналишда туб бурилиш ҳосил қилиб, эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланди.
Ҳусанбой АҲМАДЖОНОВ,
вилоят прокуратураси бўлим прокурори,
Жамшидбек ДАВЛАТАЛИЕВ,
туман прокурори катта ёрдамчиси.

