РЎЗАНИНГ МАЪНАВИЙ ВА ЖИСМОНИЙ ФОЙДАЛАРИ

Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Расулуллоҳ САВ бизни ана шу фойдаларга тарғиб қилганлар. Улардан баъзиларини айтиб ўтсак.

Биринчидан, рўза инсон танасини турли касалликлардан асрайди. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семириб кетишдан бўлади. Расулуллоҳ САВ: «Рўза тутинглар, соғлом бўлурсиз. Сафар қилинглар, бой бўлурсиз», -деганлар (Табароний ривояти).

Иккинчидан, рўза зеҳннинг саломатлиги, фикрнинг тўғри бўлиши, ҳофиза қувватининг фаоллашувида фойдали, унутувчанликни камайтиради. Кўп ейиш мияда намлик ва ботни кўпайтиради ва бу хотира қувватига оғир келади.

Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади. Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш танани бўшаштиради, ибодат қилишга оғирлаштириб қўяди.

Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади. Рўзада нафсни тийиш аъзоларнинг бемалол бўлишидан, шаҳватларга муккасидан кетишидан сақланишдир. Озуқанинг кўпайиб кетиши нафсни ёмон шаҳватларга ундайди.

Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул ва ижобат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч киши борки, уларнинг дуосини рад қилмаслик Парвардигорнинг зиммасидаги ҳақдир: оғзини очгунча рўзадорнинг, нусрат топгунча мазлумнинг ва қайтгунича мусофирнинг», -деганлар.

Рамазон ойи 29, 30 кун давом этади. Роббимиз сиз билан биз мўмин-мусулмонларга соғлигимиз гарови бўлган ушбу муолажани ибодат қилиб бериб, улкан ажру савобларни, яхшиликларни ваъда қилган экан.

Олимхон ИСОҚОВ,

туман бош имом хатиби.