«БИЛИМЛАР КУНИ» ТАНТАНАСИ

2 сентябрь куни туманимиздаги 44 та умумтаълим мактаби ва 8 та касб-ҳунар коллежида «Билимлар куни» тантанаси байрамона руҳда ўтди.

5-мактаб – туманимиздаги намунали илм масканларидан. Ўтган ўқув йилида таълим муассасаси тумандаги 44 та мактаб ўртасида барча кўрсаткичлар бўйича юқори ўринни қўлга киритиб, йилни муваффақиятли якунлаган эди. Жорий ўқув йили бошланишига бағишланган тантана ҳам мактабда кўтаринки руҳ ва ўзгача шукуҳ билан бошланди. Шодиёнада қатнашган туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими мудири Ҳусниддин Маҳмудовлар мактаб жамоаси ва ўқувчиларининг ютуқларини алоҳида эътироф этиб, бу йилги ўқув йили ҳам омадли келишини тиладилар.

Маскан остонасига илк қадам қўйган 100 нафар 1-синф ўқувчисига ўқув қуроллари ва китоблар жамланмасидан иборат Президент совғаси тантанали тарзда топширилди.

Мактаб директори Музаффар Мўминов ишончни оқлаб, ўқитувчи ва ўқувчилар янги-янги ютуқларга эришиш учун тинмай изланишларини билдирди.

Шу куни туманимиздаги барча илм масканларида биринчи сабоқ «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» мавзусидаги дарслар билан бошланди.

Суратларда: «Билимлар куни» тадбирларидан лавҳалар.