ШЕРИКЛИКНИНГ ШЎР ОШИ

Янгиер МФЙда истиқомат қилувчи М.Х.дан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижро аппаратига мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтиб ўтилишича, М.Х. 2019 йил «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан туман АТ «Агробанк»дан иссиқхона қилиш мақсадида ажратилган кредит шартномаларини ўз номига расмийлаштириб, ўзининг таниши Муборак МФЙда истиқомат қилувчи А.Т. билан биргаликда ҳар ой кредит суммаларини тўлаб бориш учун келишилган ҳолда кредит олади. Аммо ушбу келишувда айтилганидай бўлиб чиқмади. А.Т. ўзига тегишли кредит суммаларини тўламаганлиги сабабли М.Х. билан ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлади. Шартнома мурожаатчи М.Х.нинг номида бўлгани сабабли АТ «Агробанк»дан олинган жами сумма 30 800 000 (ўттиз миллион саккиз юз минг) сўм пул маблағларини ўзи банкка тўлов қилади.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолат ижро этувчи аппарати томонидан ўрганилиб, М.Х.нинг мурожаати фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-22-29-моддалари асосида келтирилган зарар ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисида  даъво аризаси киритилди. Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 141-моддасига асосан, ФКнинг 732-733-735-моддалари ва ФПКнинг 249-253-моддаларига асосан М.Х.нинг манфаатларини кўзлаб, жавобгар А.Т.дан М.Х.га жами сумма 30 000 000 (ўттиз миллион) сўм ҳамда 400 000 (тўрт юз минг) сўм давлат божи ундирилиши тўғрисида қарор чиқарди.

Хуршида ҲАКИМОВА,

ижро этувчи аппарат ходими.