ДАСТЛАБКИ ҲОСИЛ КАРВОНЛАРИ
Жорий йилда туманимизда 7039 гектар майдонда пахта етиштирилди. Қисқа муддатларда 23229 тонналик «оқ олтин» хирмонини уйиш, ҳосилнинг бирор мисқолини ҳам нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун мавсумга пухта тайёргарлик кўрилган ҳолда келинди.
Ўтган ҳафта «Уйчи пахта тозалаш» АЖда дастлабки ҳосил карвонларини қабул қилиш ва мавсум олдидан тадбир бўлди. Унда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, пахта қабул қилиш маскани электрон тарози ва замонавий техника воситалари билан жиҳозланган. Дастлаб тарозига Набижон Абдуллаев СИУ ҳудудидаги «Овчибулоқ зар чашмаси» фермер хўжалигидан келтирилган ҳосил қўйилди. Ушбу ҳосил 7 тонна тош босди. Шундан сўнг О.Келдиев номли ММТПдан «Қудратилла Жамолиддин», «Уйчи соҳибкор бўстони» агрофирмаси ҳудудидан «Аҳрор Аброр Анварбек» фермер хўжаликларининг ҳосили тарозидан ўтказилди. Илғор фермерларга эсдалик совғалари топширилди.
Шу куни Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев бошчилигидаги фахрийлар вакиллари мавсум беталафот ўтиши ва ҳосилимиз баракотли бўлишини тилаб, дуолар қилишди.

