ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ ТАРТИБИ

МКнинг 300-моддасига кўра, интизомий жавобгарлик ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир. МКнинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши ходимни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Интизомий қилмиш деганда ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (меҳнат (лавозим) мажбуриятларининг бузилиши) тушунилади.

Агар ходимнинг ўз меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган бўлса (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун иш берувчи томонидан зарур шарт-шароитлар таъминланмаганлиги, форс-мажор ҳолатлари ва ҳоказоларда), ходимни интизомий жавобгарликка тортишга йўл қўйилмайди.

МКнинг 312-моддасига кўра, иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар шу жумладан, агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.

Бундан ташқари, интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолат-лари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

МКнинг 313-моддасига кўра, иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб, эълон қилинади. Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган, деб ҳисобланади.

А.ДЕҲҚОНОВ,

туман адлия бўлими ЮХКМ бошлиғи,

О.БОЙХОНОВ,

бош юрисконсульт.