СИДДИҚОВЛАР ОИЛАСИ – ВИЛОЯТДА «ЭНГ НАМУНАЛИ ОИЛА»
Ҳар томонлама ибратли оилаларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган «Энг намунали оила» кўрик-танловининг вилоят босқичида унинг дастлабки босқичлари ғолиблари бўлган 11 оила беллашди.
Иштирокчилар таништирув, тезкор савол-жавоблар ва «Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги» мавзусида видеоролик тайёрлаб, намойиш этиш шартлари бўйича саҳнага чиқдилар. Бу шартларда қатнашчилар ўз оиласи таркиби, касб-кори, оила аъзоларининг севимли машғулоти, эр-хотиннинг оила қуриш жараёни, қайнона-келин муносабатлари, фарзандларни гўзал ахлоқ, илму маърифат, жисмоний ва руҳий уйғунликда камолга етказиши, набиралар тарбиясидаги ҳаётий тажрибаси, оиладаги анъана ва қадриятларини ҳаётий мисоллар асосида қизиқарли тарзда баён қилиб бердилар.
Танловда энг кўп балл тўплаган Уйчи тумани вакиллари – Сиддиқовлар оиласи ғолиб деб топилди. Касблари ўқитувчи ҳамда шифокор бўлган Марғубахон ва Юсуфжон Сиддиқовлар оиласи танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шаҳло ТОШБЕКОВА.

