ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР ОШКОР ЭТИЛСА…

Шахсга доир маълумотлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Сўнгги вақтларда турли тўлов операторлари ва ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш, шу жумладан, давлат хизматлари кўрсатишда уларнинг ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетлари орқали ёрдам кўрсатиш таклиф қилинмоқда.

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунда мулкдор ва (ёки) операторнинг, шунингдек, учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари ўзига ишониб топширилган ёки касбий, хизмат ёхуд меҳнат мажбуриятларини бажариши сабабли маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслиги белгиланган.

Бироқ аксарият ҳолларда тадбиркорлар ва тўлов операторлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар якуни бўйича шахсга доир маълумотларнинг йиғилиши ҳамда бу маълумотлар бошқа шахсларга берилиши ва натижада ундан турли ғараз ниятларда фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Доим ёдда тутинг, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳурматли фуқаролар, шахсга доир маълумотларингизни ишлов бериш учун тўлов операторларига ёки тадбиркорларга бериш орқали келгусида ушбу маълумотлардан бошқа шахслар томонидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш хавфи ортиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Ж.АҲМАДЖОНОВ,

туман адлия бўлими ДХМ катта мутахассиси.