СИЛАИ РАҲМ НИМА?

Шуни билмоқ лозимки, ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Зеро, ота-она ва ака-укалар, опа-сингиллар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисоб-ланадилар. Ота-оналарга яхшилик қилиш бир томондан силаи раҳм жиҳатидан, иккинчи томондан эса Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда алоҳида буюрилган «ота-онага яхшилик қилиш» амали ҳисобланади. Гоҳида киши қариндош-уруғларининг айримлари билан қайсидир тушунмовчилик туфайли урушиб қолиши, ўрталарида совуқчилик пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу ҳолатлар ҳам силаи раҳмни узишга сабаб бўлмаслиги керак. Гарчи қариндошингиз сизни ноҳақ хафа қилган бўлса ҳам, борингки, у сиз билан алоқани узган бўлса ҳам, сиз узмаслигингиз лозим бўлади. Абу Ҳурайра (РА)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир куни бир киши Набий (САВ) ҳузурига келиб:

-Ё Расулуллоҳ, менинг шундай қариндошларим борки, мен улар билан алоқа қиламан, улар эса мен билан алоқани узадилар, мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қайтарадилар, улар менга жоҳиллик қиладилар, мен эса уларга ҳалимлик, юмшоқлик қиламан, – дея нодон қариндошларидан шикоят қилди. Шунда Набий (САВ) шундай дедилар:

-Агар иш сен айтгандақа бўлса, унда билгинки, сен уларга қайноқ чўғни едираётган экансан. (Яъни хафа бўлма, сен улардан мағлуб эмас, балки ғолиб бўлаяпсан. Зоҳирдан улар сенга зулм ўтказяптилару, аммо ютқазмоқдалар). Модомики, сен улар билан шундай муомалада экансан, доимо Аллоҳ томонидан юборилган бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлур.

Олимхон ИСОҚОВ,

туман бош имом хатиби.