ГЎЗАЛЛИК МОДАДА ЭМАС
Кийим – инсониятнинг энг кўҳна кашфиётларидан бўлиб, у табиий эҳтиёж туфайли яралган. Зеро, уст-бош билан инсоннинг иссиқ ва совуқдан, бошқа ташқи таъсирлардан ўз вужудини сақлаши ҳаётий тақозо эди. Япроқлар, ўт-ўлан ва пўстлоқлар, терилар бу вазифани адо этиб, минг йиллар ўтди. Ана ундан сўнг тўқиш ва тикиш, ипак ва пахта, сунъий тола деганлари пайдо бўлиб, яна асрлар кечди. Бора-бора уйда, хизматда, кўчада, меҳмондорчиликда кийиладиган уст-бошлар, жуббалар, ридолар, вуаллар, чодралар, коржомалар ва яна бошқа турдаги кийимлар ихтиро қилинди. Кейинроқ либосга зеб бериш, гул солиш, безаш бошланиб, ниҳоят, модага етиб келдик.
Замонавий кийиниб, чиройли кўринишда юриш яхши, албатта. Лекин айнан модани деб азалий қадриятларимиз ва миллийлигимизни четлаб ўтиш ҳолларига бефарқ бўлолмаймиз ҳам. Чунки айрим замондошларимиз, айниқса, қизларнинг кийиниш бобида издан чиқаётганликлари жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб турибди.
Ҳинд эпоси «Маҳобҳорат» бир ҳикоят билан бошланадики, унда олий маъбуд Брахман маъбудларни йиғинга чақиради. Улар орасида Ганга ҳам бор экан. Бир пайт шамол туриб, ҳусну жамолда тенгсиз Ганганинг кўйлагини кўтариб юборади. Ногоҳ Ганганинг гўзал қоматига Маҳобхишанинг кўзи тушиб қолади. Ҳозирги кунда шамол бўлмаса ҳам бу ҳолат яққол кўзга ташланиб турибди-ку. Бу ҳаддан зиёд модапарастликнинг оқибати эмасмикан?
Тўғри, қандай либос танлаш ҳар бир кишининг ўз ихтиёрида. Лекин рисоладагидай кийиниш табиий гўзалликни оширади. Истаймизми-йўқми, ортиқча модага берилиш беўхшовликни келтириб чиқаради. Тоғлар бағридаги музликлар жилосидан кўзингиз қамашади. Аммо кўклам келгач, улардан асар ҳам қолмайди. Буни модапарастликнинг маҳсули бўлган сунъий сохта гўзалликка қиёслаш мумкин. Ҳар қанча офтобда тобланмасин, дуру жавоҳирларгина сайқалланиб бораверади. Зеро, мода оламининг эмас, асл ўзбекона ҳаётнинг маликалари бўлиб яшашга не етсин!
Расулбек УММАТОВ.

