ҲАЖ ЗИЁРАТИДАН ҚАЙТИШДИ

Гулбоғ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тўқсон уч ёшни қаршилаган Аҳмаджон ота Мамадалиев туманимизнинг пиру бадавлат нуронийларидан. Отахон иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Ўзининг фидойи меҳнати ва ҳалоллиги, камтарлиги билан элда эъзоз топган. Ўн нафар фарзандни жамият учун керакли кадр, комил инсонлар қилиб тарбиялаган. Бугунги кунда фарзандлари, элликдан ортиқ набира ва чеваралари ардоғида кексалик гаштини сураётган Аҳмаджон ота учун бу йил ҳар йилгидан ҳам қувончли келди. «Хотира ва Қадраш куни» арафасида уларга имтиёзли равишда харид қилинган «Дамас» автомобилининг калити топширилган эди. Яқинда отахон муборак Ҳаж зиёратига имтиёзли тарзда бориб келдилар. Фарзандлари Тоҳиржон Мамадалиев уларга ҳамроҳлик қилди.

-Бугунги тинч, осуда ҳаётнинг қадрини биз жуда яхши биламиз. Биз кўрган кунларни сизларга раво кўрмаймиз. Болаларим, фақат бахтли, саодатли яшаш доимо сизларга насиб этсин. Тинчлик – бу бебаҳо неъмат. Уни қадрланг ва асранг. Шундай фаровон ҳаёт, кўрсатилаётган эътибор учун Юртбошимизга чин юракдан раҳматлар айтаман, -дейди Аҳмаджон ота мамнунлик билан.

Отахон ҳамда унинг ўғли Тоҳиржон аканинг Ҳаж зиёратидан келган кун катта шодиёнага айланиб кетди. Уларни  йўқлаб хонадонларига туман ҳокимлиги вакиллари, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоевлар ташриф буюришди, отахонга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилашди.

Яна бир янгилик. Отахонга шу йилнинг октябрь ойида Қибрай сиҳатгоҳида  даволаниб келишлари учун бепул йўлланма ҳам берилди.