ЎРНИДА ҲАЛ ҚИЛИНДИ

ЎзЛиДеПдан сайланган туман кенгаши депутатлари ҳам Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги сиёсий партиялар  билан бўлган  видеоселектордаги танқидий фикрларидан тўғри хулосалар чиқарган ҳолда изчил фаолият юритишмоқда. Бугунги кунда аҳоли томонидан йўлланаётган ҳар бир мурожаатни беэътибор қолдирмаслик, унга ўз вақтида асосли жавоб бериш борасида раҳбарлар, шу қатори халқ вакиллари бўлмиш депутатлар, сиёсий партиялар олдига ҳам улкан вазифалар қўйилмоқда.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи вакиллари, қатор ташкилотларнинг раҳбарлари, партия фаоллари «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да  аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва уларнинг ечимини топишда яқиндан кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Кенгашнинг депутатлик гуруҳида фаолият юритаётган Ҳасанжон Онарбаев, Маҳмуджон Ғаффоров, Абдураҳим Мўминов, Дилшод Йўлдошевлар аҳоли муаммоларини ўрганиб, уларнинг ечимини топишда фаоллик кўрсатишмоқда.

Ушбу амалий жараёнларда туман прокурори Жобирхон Азимов, 26-Ўнҳаёт сайлов окуругидан депутат Ҳасанжон Онарбаевларнинг ҳамкорликда қилган ишлари кенг кўламли бўлди. Кун аввалида 27-мактабда давра суҳбати ташкил этилиб, ҳозирги кунда ёшларга қаратилаётган эътибор ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг аҳоли муаммоларини ўрганишга киришилди. Ўнҳаёт ШФЙ ҳудудида 35 та хонадонга ташриф буюрилиб, уларнинг мурожаатлари, таклифлари, аҳолини қийнаётган муаммолар юзасидан амалий ишлар олиб борилди. Ўнҳаёт МФЙда яшовчи фуқаро Анваржон Қодиров мурожаат қилиб, ушбу ҳудудда тоза ичимлик суви етиб бормаган аҳоли масканларини ичимлик суви билан таъминлаш масаласини кўтарди. Ушбу муаммо юзасидан «Сувоқава» ДУК туман бўлимига мурожаат билан чиқилди ва ҳамкорликда муаммо ечими топиладиган бўлди. Шунингдек, Истиқлол МФЙ фуқароси Муаттар Салоҳидди-нованинг иш билан таъминланиш борасидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. У «Турсунбой Текс» хусусий корхонасида тикувчи бўлиб иш бошлади. Бундан ташқари, аҳолининг суюлтирилган газ таъминоти борасидаги муаммоси ўрнида бартараф қилинди. Кун давомида шу ва шунга ўхшаш турли муаммолар ўз ечимини топди.

Шерзод КАМОЛОВ,

ЎзЛиДеП туман кенгаши аппарат раҳбари.