ДОЛЗАРБЛИГИ БИЛАН АҲАМИЯТЛИ

БМТнинг минбари ўз оёғи остидан нарини кўра олмайдиган, ўз манфаатларини бошқа бир халқ, миллат манфаатидан устун қўядиган кишининг жойи эмас.

Замонанинг энг илғор раҳбари, сиёсий арбоби қандай позицияни эгаллаши лозимлигини БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев яна бир карра кўрсатиб бера олдилар. У киши ўзларига ажратилган вақтнинг ҳар дақиқаси, ҳар сониясидан қай тарзда унумли фойдаланиб, бутун инсониятни ташвишлантираётган муаммоларга эътибор қаратганликлари, ушбу масалаларда Ўзбекистоннинг қатъий позициясини намойиш эта олганликлари эътирофга лойиқ.

Сўнгги йилларда кучайиб бораётган терроризм, диний экстремизмга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаслигини очиқ-ошкор баён этарканлар, кўпчиликнинг дилидан тилига кўча олмаётган долзарб муаммони кўтардилар. Таҳдидларни келтириб чиқараётган сабаблар бир четда қолиб, уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинаётганини танқид остига олдилар.

«Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз», -деган баёнотлари муқаддас ислом динини қоралашга уринаётган айрим сиёсий кучлар ва уларнинг раҳнамоларига қарши қақшатқич зарба бўлди.

Халқимизнинг якдиллиги ва ҳамжиҳатлиги Юртбошимизнинг ушбу маърузаларида яна бир бор ўз ифодасини топди. Зеро, Президентимизнинг ҳар бир ишида элимизнинг орзу-интилишлари, эзгу мақсадлари муштарак.

Нафисахон  МАМАСОЛИЕВА,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.