«УЙЧИНОМА» ГАЗЕТАСИ – ДАВЛАТ ГРАНТИ ҒОЛИБИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси яқинда учинчи ва тўртинчи танловлар ғолибларини эълон қилди. Ғолиблар сони республика бўйича 93 нафар бўлиб, шундан 8 нафари вилоятимиз вакилларидир. Жумладан, «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш ишларида, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кенг имкониятлар яратишда ҳамкорликни кучайтириш» мавзусидаги давлат гранти 3-танлови якуний натижаларига кўра «Уйчинома» газетаси таҳририятининг «Китобсиз келажак йўқ!» лойиҳаси ҳам ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳа ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш мақсадида уларни ижодий рағбатлантириб бориш ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лойиҳа доирасида бир йил давомида «Ёшлар ва китобхонлик: анъанавий ва замонавий усуллар» мавзуида семинар-тренинг, китоб тақдимоти, «Адабиёт кунлари» мавзуида маърифий тадбир, Нодира номидаги Наманган вилоят Ахборот-кутубхона марказига уюшмаган ёшлар иштирокида саёҳат уюштириш, «Ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш – давр талаби», «Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш» мавзуларида учрашувлар, «Мен севган китоб», «Китоб – маънавият бешиги» мавзуларида адабий кечалар, ота-оналар иштирокида «Бир фарзандга – уч китоб» шиори остида акция ўтказилиши, иқтидорли ёшларнинг ижод намуналаридан иборат шеърий, насрий тўпламлар чоп этилиши режалаштирилган.

Тумандаги барча умумтаълим мактаблари ўртасида «Китобхон мактаб», касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида «Энг яхши китобхон ўқувчи» танловлари ўтказилади ва танлов ғолиблари тақдирланади.