КОРРУПЦИЯ БОРАСИДАГИ ҲУҚУҚИЙ НОРМАЛАР

Маълумки, «коррупция» тушунчаси лотин тилидаги «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, мазмуни «бузиш», сотиб олиш» маъносини англатади ва унинг грамматик бир илдизли маъноси яна «коррозия» сўзи яъни «чириш» ёки «занглаш» деган мазмунни ҳам беради. Шундан келиб чиқиб, бу сўзнинг ижтимоий кўриниши ҳокимиятни бузиш, чиритиш орқали сотиб олиш» деган маънони билдиради.

Миллий қонунчилигимизда мазкур атаманинг аниқ ҳуқуқий таърифи мавжуд эмас, бироқ халқаро ҳуқуқнинг айрим манбаларида хусусан, Коррупция муаммолари бўйича Европа Кенгаши гуруҳларининг 1-сессияси (1995 йил Страсбург)да «Коррупция»га шундай таъриф берилган. «Коррупция – пора олиш (ўзига оғдириш), давлат ёки хусусий соҳада муайян ваколатга эга бўлган шахс, мансабдор шахснинг ёки хусусий соҳада фаолият юритадиган шахс ёки мустақил агентнинг ўз мансаб вазифасидан ёки шунга ўхшаш муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларини бузадиган, шунингдек, ўзи ёхуд ўзга шахслар манфаати учун ҳар қандай шаклдаги афзалликларга эга бўлиш мақсадида ифодаланган хатти-ҳаракат».

Мансабдор ёки мансабдор бўлмаган шахслар томонидан юқорида назарда тутилган хатти-ҳаракатлар содир этилиши оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилади.

Президентимиз томонидан ҳам мазкур турдаги жиноят учун шундай таъриф берилган: «Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу – коррупция ва порахўрлик. Жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин».

Амалдаги қонунчилигимизда «мансабдор шахс», «давлат хизматчиси» ва «давлат бошқарув органлари» тушунчаларини ўзида мужассамлаштирган қонуннинг мавжуд эмаслиги, мазкур муаммони Ўзбекистондаги давлат бошқаруви билан боғлиқ муносабатларда, мансабдор шахсларнинг статусини белгилашда, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширишда, тезкор-қидирув фаолияти, тергов ва суд жараёнларида улар томонидан содир этилган қилмишларни процессуал баҳолашда айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Афсуски, амалдаги жиноят қонунчилигида кўпгина бугун мавжуд бўлган коррупцион қилмишлар учун жавобгарлик белгиланмаган. Масалан, маълум бир сиёсий мақсадни амалга ошириш учун яширин маблағлар йиғиш, бирор-бир юқори лавозимга ишга ўтиш учун маблағ ёки бошқа ҳақ тўлашни амалга ошириш, ташкилотларнинг акцияларини тақсимлашда ёки аукционлар ўтказишда «таниш-билишчилик» қилиш, маълум ҳақ эвазига солиқ ёки божхона тўловларида имтиёзлар яратиб бериш, манфаатдор мансабдор шахслар томонидан ўз таъсир доирасидаги турли хўжалик юритувчи субъектларни ҳимояси остига олиш шулар жумласига киради.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мурракаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди. Ушбу фаолият комплекс-мажмуавий тарзда амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларни бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлади.

Алимардон ҲАКИМОВ,

тумандаги 2-сонли давлат нотариал идораси нотариус стажёри.