ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТДАН ФОЙДАЛАНИШ ИМКОНИЯТИ КЕНГАЯДИ
Наманган вилоят адлия бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 7 сентябрда қабул қилинган «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Уни вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хайрулло Собиров очди.
Вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бўлими бошлиғи Сардорбек Азизов мавзу юзасидан маъруза қилди.
Мазкур Қонун 4 боб, 28 моддадан иборат бўлиб, мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.
Тадбирда ушбу Қонун қабул қилингунига қадар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида ечилиши лозим бўлган маълум бир муаммоли масалалар мавжуд бўлганлиги айтиб ўтилди. Масалан, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг ягона тартиби мавжуд эмаслиги, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги ваколатлари аниқланмаганлиги бу муаммоларнинг асосини ташкил қилганлиги таъкидланди. Эндиликда ушбу муаммолар бартараф этилади, шу билан бирга, ҳуқуқнинг қўлланилишида ҳам бир хиллик таъминланади.
Қонун ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тизими самарадорлиги ошишига, шунингдек, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайтирилишига хизмат қилади. Қонун қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар барча давлат органлари ва ташкилотларига, ижрочиларга, ҳар бир маҳалла, кутубхона ва таълим муассасасига етиб бориши ҳамда у ерда улардан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳуқуқий ахборотнинг тарқатилишига масъул бўлган органлар, уларнинг ваколатлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари белгилаб берилди. Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида қайд этилиб, унга давлат органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди.
Анжуманда жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра давлат органлари ва ташкилотлари томонидан улар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тушунтирилди.
Шундан сўнг Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш ишларини ташкиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.
Расулбек УММАТОВ.

